Ғўза қандаласи (Creontiades pallidus)
Umumiy ta'rif
Hemiptera туркуми, Heteroptera кенжа туркуми, Miridae оиласи, Creontiades авлодига мансуб. Ғўза қандаласи етук зоти ингичкароқ бўлиб, қанот устидаги доғ ва расмлари ажралиб турмаслиги асосий белгилар бўлиб ҳисобланади. Эркагининг бўйи 6,5-7 мм, урғочилари 7-7,5 ммни ташкил қилади. Тухумларининг узунлиги 1,0-1,5 мм, эни 0.4 мм, хира, оқиш тусда бўлиб, учи ўткир ва четлари қайрилган. Тухумлари урғочи қандала тухум қўйган пайтдан туғиладиган пайтгача ҳимоя остида бўлади. Одатда, оч яшил рангда бўлади. Учинчи туллашдан сўнг қанотлари шакллана бошлайди. Личинкалари ёз ойларида ўртача 8-14 кун ичида тухумдан чиқади. Личинкалар 4 марта туллаб, 5 ёшдан сўнг вояга етган ҳашаротга айланади. Кичик ёшдаги (1-2 ёш) личинкаларнинг мўйловлари 6 та қизил рангли ҳалқалардан иборат бўлади. Личинкалар улғайган сари танасида бир қанча ўзгаришлар содир бўлади. Мўйловларидаги қизил ҳалқалар йўқолиб рангсизланади (4-5 ёш). 4-5 ёшдаги личинкалари танасининг марказида бир жуфт қора доғларининг бўлиши ва уни бошқа қандала личинкаларидан ажралиб турувчи асосий белги ҳисобланади. Вояга етган зотларининг (имаго) елка ва қалқонлари оч пушти рангли бўлади. Қалқонларининг учки қисмида битта қора доғнинг бўлиши уларнинг характерли хусусияти ҳисобланади. Етилган қандалалар 34-36 кун яшайди ва шу давр мобайнида 70-150 тухум қўяди.
Agrotexnik qarshi kurashish chorasi
Кузда далани чуқур шудгорлаш. Қатор ораларига ишлов бериш. 100 туп ғўзага 5-10 та қандала учраган майдонларда дастлабки ишлов ўтказилади. 1-ишлов июн ойининг I-II декадасига тўғри келади. 2-ишлов 7-10 кун оралатиб, кейинги ишловлар назорат-кузатув асосида олиб борилади.
Biologik qarshi kurashish chorasi
Қандалаларнинг кичик ёшдаги личинкалик даврида олтинкўз ва хонқизи энтомофаглари қисман самара беради.
Kimyoviy qarshi kurashish chorasi
Қандалаларга қарши курашда кимёвий инсектицидларни ишлатиш энг самарали ва кам чиқимли ҳисобланади. Мавжуд инсектицидларнинг кўпчилиги системали (ўсимлик ичига сингиб, тўқималарида силжиш қобилияти) ёки трансламинар (барг тўқималарида заҳарли уялар ҳосил қилиш) имкониятига эга. Шунинг учун ҳам санчиб-сўрувчи ҳашаротларга қарши юқори даражада самарадорликка эга бўлган препаратларни қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади. Шоналаш даврида 100 туп ўсимликда 20-30 донадан ортиқ зараркунанда пайдо бўлиши аниқланганда ALPGOR 40 эм. к. -1,0 л/га; ИМИДАКЛОПРИД ОРИГИНАЛ 35% сус.к,- 0,18 л/га.(Имидклоприд). МЕБРАСИ 20% н. кук. Камелот 20% н. кук.-0,2 кг/га. (Ацетамиприд). Энджео 24,5% сус.к, 0,15-0,2 л/га. ПИЛИГРИМ 24,7% сус.к,- 0,2 л/га (лямбда-циголотрин+тиаметоксам) ни тавсия этиш мумкин.