Зарарли хасва (Eurygaster integriceps)

Зарарли хасва (Eurygaster integriceps) - Rasm 1
Зарарли хасва (Eurygaster integriceps) - Rasm 2
Зарарли хасва (Eurygaster integriceps) - Rasm 3

Umumiy ta'rif

Зарарли хасва ярим қаттиқ қанотлилар ёки қандалалар (Hemiptera) туркумининг қалқонлилар (Pentatomidae) оиласига мансуб ҳашарот. Жуда кенг тарқалган ҳашарот бўлиб, дунёнинг барча ғалла экиладиган мамлакатларида учрайди. Ташқи кўриниши. Вояга етган зарарли хасванинг бўйи 10-12 мм келади. Танасининг ранги сариқ ёки сарғиш-кулранг, сирти мармарсимон нақшлидир. Олдинги кўкрагининг кейинги ярми олдинги ярмидан кўра оқишроқ. Қалконининг тубида иккита оқиш доғи бор. Бу ҳашарот учун қалқонининг қорни охиригача етиб яхши ривожланганлиги хосдир. Қалқонининг кейинги учи овал шаклда, қалқони бошининг олдинги учигача етиб боради. Бошининг олд томони тумток, бўйи энига тенг. Урғочи зотларининг қорин охиридаги сегменти уч жуфт пластинкалардан, эркакларида эса битта йирик пластинкадан иборат. Тухумлари бочкасимон бўлиб яшилрок рангда, катталиги 1,0-1,1 мм келади. Тухумдан чиққан личинкалар деярли ярим юмалок шаклда, сарғиш кўнғир тусда бўлади, аммо катталашган сари бўйига чўзилиб, ранги бироз оқаради, қаноти булмайди. Иккинчи ёшдан бошлаб личинкаларда сассиқ ҳид чиқариш безлари ривожлана бошлайди. Бешинчи ёшга келиб хасванинг узунлиги 8-10, кенглиги 6-6,5 мм ни ташкил қилади, қанотлари ривожлана бошлайди, етук зотга айланишдан олдин оғирлиги 97-110 мг га етади. Бу зараркунанда етук зот шаклида дала атрофларидаги уватлар ҳамда кир, тоғ олди шароитида ўсимлик қолдиқлари, тош, кесаклар остида тўпланиб қишлаб чиқади. Хасванинг уйғониши март-апрельь ойларида, ўртача бир кеча-кундузлик ҳарорат 10-12° С га етганда бошланади. Қишлов жойининг ўртача ҳаво ҳарорати 15-20° С бўлганда, хасва ғаллазорлар томонга учиб, тарқала бошлайди. Бу ғалланинг тупланиш даврига тўғри келади. Хасва тухум қўйишга тайёр бўлиши учун унинг қўшимча озиқланиши шарт. Шу сабабли ўсимликнинг шираси билан қўшимча озиқланади. Баҳорда об-ҳаво ноқулай келиб, ҳарорат кескин пасайса ёки ёғингарчилик кўп бўлса, хасванинг тарқалиши хавода озиқланиши тугайди, улар ўсимликнинг остки қисмига яшириниб оладилар. Фақатгина ҳарорат кўтарилиши билан улар озиқланишни давом эттирадилар.

Agrotexnik qarshi kurashish chorasi

Ғаллазорларни зарарли хасвадан ҳимоя қилишда экологик соф ва иқтисодий арзон усуллардан чидамли навларни экиш, уруғлик буғдойни бегона ўтлар уруғлари аралашмаларидан тозалаш ва уруғлик доннинг сифатини ошириш катта аҳамиятга эга. Кузги буғдойни эрта баҳорги озиқлантириш пояларнинг шаклланишини тезлаштиради, ҳамда бошоқланиш фазасида азотли ўғитлар ўсимликдаги модда алмашинувини тезлаштиради ва клейковина миқдорини оширади. Россия олимлари томонидан мочевина (карбамид)нинг 30% ли сувдаги эритмаси билан буғдойнинг тупланиш - най тортиш фазаларида барг орқали озиқлантирилганда қишловдан чиққан хасвалар сони 50–82% га, сут пишиш фазасида озиқлантирилганда эса хасва личинкалари сони 65% га камайганлиги аниқланган. Буғдой ҳосилини тез ва қисқа муддатларда йиғиб-териб олиш ҳам катта аҳамиятга эга. Уни ўрилмай кўп вақт туриб қолиши зараркунандаларни озиқланиш даврини узайтиради ва бу ҳолат дон сифатини пасайиб кетишига олиб келади. Бундан ташқари, тўйиб озиқланган зараркунанда қишловдан яхши чиқиб келгуси йил яна таҳдид солади. Булардан ташқари зарарли хасванинг зарарига чидамлиликни оширишда буғдой экинига энг яхши ўтмишдош танлаш, ерга замонавий ва тўғри ишлов бериш, юқори сифатли уруғ танлаш, экишнинг оптимал муддатлари ва усуллари, экиш сарф миқдори ва чуқурлигини тўғри белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Юқоридагиларнинг ҳаммаси буғдойнинг қийғос ва пояларнинг бир текис, қуюқ униб чиқишига асос бўлади.

Biologik qarshi kurashish chorasi

Табиатда зарарли хасванинг бир неча турдаги кушандалари мавжуд. Буларнинг ичида пардақанотли паразит кушандалардан Scelionidae оиласига мансуб теленомуснинг (Telenomus chloropus Thoms.) аҳамияти каттадир. Теленомуслар хасва тухумини қидириб топиб, унинг ичига ўз тухумини қўйиб кетади. Бундай хасва тухумидан зараркунанда чиқмайди. Айрим йиллари ҳатто 35-40% гача хасва тухумлари шу кушанда билан зарарланганлиги маълум. Бундан ташқари, табиатда зарарли хасва тухумлари ва кичик ёшдаги личинкалари билан ҳам машҳур фойдали ҳашаротлардан «хонқизи»нинг личинка ва кунғизлари ҳамда олтинкўзнинг личинкалари озиқланади. Шунинг учун илмий нуктаи назардан тасдиқланган тизим асосида, баҳорда (март ойининг охири - апрель ойининг бошларида) ўртача бир кеча-кундузлик ҳарорат 13° С га етганда, олдини олиш ҳамда табиатни бойитиш мақсадида дала атрофларига ва буғдойзорларга олтинкўзни тарқатиш лозим. Касаллик қўзғатувчилари. Зараркунандаларни оммавий кўпайиб кетишини яна бир чегаралаб турадиган омиллардан бири касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Зарарли хасвага қарши микробиологик кураш усулларини ишлаб чиқишда табиатдан энтомопатоген микроорганизмларни қидириб топиш, уларни ажратиш ва таъсирчанлигини ўрганиб келгусида шулар асосида микробиологик препаратлар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда олимлар олдида хавфли зараркунанда бўлган зарарли хасвага қарши микробиологик кураш усулини ривожлантиришда табиий шароитда тарқалган ҳар хил турдаги маҳаллий энтомопатоген микроорганизмларни излаб топиш, тажрибада қўллаш ва улардан биопрепарат тайёрлаб ишлаб чиқаришга жорий этиш асосий масала бўлиб қолмоқда.

Kimyoviy qarshi kurashish chorasi

Кимёвий усулда кураш чоралари – зарарли хасвага қарши кимёвий препаратларни қўллаш энг асосий кураш чоралардан бири бўлиб қолмоқда. Кимёвий кураш чораларини ўтказиш қачонки, буғдой далаларидаги зарарли хасва сони иқтисодий зарар етказиш меъёридан ошганда, яъни ўртача 1 м² да 2-3 та етук зот хасвалар ёки 7-8 та янги авлод личинкалари пайдо бўлганда олиб борилади. Буни аниқлаш учун буғдойни тупланиш давридан бошлаб ҳар 5-7 кунда ғаллазорларда мутахассис агрономлар томонидан назорат ишлари ўтказилиши шарт. Бу борада хасва борлиги аниқланган даладан 20 та намуна (ҳар бири 0,25 м2, яъни 50х50см) кўрилиб, олинган натижалар ҳисоб дафтарига ёзилади. Кимёвий препаратлардан фойдаланиш учун Ўзбекистон республикасида ишлатиш учун рухсат берилган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари рўйхатидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Инсектицидлардан муваффақиятли фойдаланиш учун уларни сарфлаш миқдорини аниқлаш лозим. Препаратларни ишлатиш вақтида трактор пуркагич мосламаларини соз бўлиши катта аҳамиятга эга. Препаратнинг ишчи суюқлигини тайёрлашда пуркагич бакига 30-40% сув қуйилиб ундан сўнг керакли миқдордаги препарат солинади ва бак охиригача сув билан тўлдирилиши керак. Ишлов давомида ўсимликнинг ёшига қараб гектарига 200-300 литр ишчи суюқлиги сарфлаш мақсадга мувофиқдир. Кимёвий ишловларни эрталабки (соат 11 гача) ва кечки (соат 17 дан кейин) салқин пайтларда ўтказиш яхши самара беради. Ғаллазорларга ишлов берилаётганда ишчи эритмани бир текис пуркалишига эришиш препарат самарадорлигини янада оширади. 1м2да ўртача етук қандала 2 дона ёки янги тухумдан чиққан личинкалари 7-8 дона аниқланганда таъсир этувчи моддаси лямбда-цигалотрин бўлган (Киллер 5% эм. к.-0,2 л/га, Атилла 5% эм. к.-0,15-0,2 л/га, Атилла Супер 10% эм. к.-0,07 л/га, Далатэ 5% эм. к.-0,15-0,2 л/га, Каратэ 5% эм. К-0,15 л/га ва бошқалар), Имидаклоприд асасли (Багира 20% с.э. к.-0,07-0,1 л/га, Неоклоприд 35% сус.к,-0,07 л/га ва бошқалар).