Акация шираси (Aphis craccivora)
Umumiy ta'rif
Акация шираси ғўзага май-июнь ойларида энг кўп зарар етказади, у ғўзанинг ўсиши ва ривожланишини сусайтиради. Тирик туғувчи урғочисининг танаси ялтироқ қора бўлиб, бўйи 1,3-2,1 мм га боради. Мўйлови танасининг бўйидан калтароқ, сариқ тусли, қорамтир-қўнғир йўллари бор. Болдири сариқ, ундан юқорироқ қисми, сони, панжалари, найчалари қорамтир-кўнғир рангли. Тухум қўядиган урғочилари тўқ тусли бўлиб, ҳамма сегментларида қоп-қора томчи доғлари бор. Эркаги қанотли, қора бўлади. Личинкаси қўнғир, бирмунча мумсимон доғлари мавжуд. Акация шираси бедада ёки акацияда тухум фазасида қишлайди. Эрта баҳорда (март) бедапояда пайдо бўлган шира тўдаларини кўриш мумкин. Акация шираси беда дағаллашгунга қадар ривожланади, кейинчалик бошқа ўсимликларга, асосан акацияга ўтади. Акация шираси ғўзада ва бошқа дуккаксиз ўсимликларда камроқ (30 кун) яшайди. Аммо шу вақт мобайнида бу зараркунанда асосан юқориги новдаларда ва баргларда жуда кўпайиб кетиши, ўсимликнинг ўсув нуқталарини кучли шикастлаши мумкин. Озуқа камайганда ва ҳаво ҳарорати кўтарилганда, шунингдек энтомофаглар таъсирида зараркунанда камайиб кетади. Қанот пайдо қилган ширалар бедапояга учиб ўтади ва кеч кузгача ўсимликнинг илдиз бўғзида яшайди, аммо озиқланиш шароити қулай бўлмагани сабабли, кўплаб урчий олмайди. Дастлабки совуқ тушиши билан жинс ташувчилар, яъни эркаклар ва тухум қўядиган урғочилар пайдо бўлади. Урчиган урғочи зотлар ўсимлик танасига қишловчи тухум қўяди. Акация шираси ҳаммахўр зараркунанда бўлиб ғўзадан ташқари беда, оқ акация, ерёнғоқ, эспарцет, вика, бурчоқ, нўхат, қашқар-беда, мош, шунингдек полиз экинларига (жами 52 турга) шикаст етказади.
Agrotexnik qarshi kurashish chorasi
Агротехник кураш чоралари куздан бошланиб, ерни шудгорлаш, қишки яхоб сувини бериш, дала атрофи ва ариқ-зовурлардаги бегона ўт қолдиқларини йўқотишдан иборат. Эрта муддатларда мош экиш ва қатор ораларига сифатли ишлов бериш.
Biologik qarshi kurashish chorasi
Шираларни йўқотувчи афидофаг-йиртқичлар ва паразитлардан 46 тури рўйхатга олинган. Ширахўр қўнғизларнинг (Coccinellidae оиласи) 18 тури, визилловчи пашшаларнинг (Syrphidae оиласи) 6 тури, олтинкўзларнинг (Chrysopidae оиласи) 4 тури ва галлица пашшалари (Cecidomyiidae оиласи) энг фаол ширахўр йиртқичлар ҳисобланади. Ўсимлик шираларининг ички кушандалари – афидиид ва теленомидлар шубҳасиз катта аҳамиятга эга. Улар баъзан шираларнинг 90% гача қисмига зарар етказади. Шикастланган ширалар қораяди, шишади ва нобуд бўлади. Биолабораторияларда кўпайтирилган олтинкўз энтомофаги 1:10, 1:15 нисбатда қўлланилиши яхши самара беради.
Kimyoviy qarshi kurashish chorasi
Баҳорда зараркунанда кўплаб урчиш хавфи туғилганда тутларнинг новдалари кесиб олингач махсус ҳимоя қилиш тадбирларни амалга ошириш мумкин. Экин майдонларда ҳар 1 баргда 20-30 та зараркунанда мавжуд бўлганда (умумий майдонда ўсимликларнинг 10-15% зарарланганса) шираларга қарши ЭНТОЛУЧО 20% эм. к. - 0,15-0,2 л/га; ИМИТРИН 20% эм. к. - 0,15 л/га; КОМПРАДОР 35% сус.к, -0,1 л/га; Insector 350 SC. -0,1 л/га. (имидаклоприд) МОСПИЛАН20% н. кук. 0,15 кг/га; КАМЕЛОТ 20% н. кук. -0,15 кг/га. (ацетамиприд). ёки БИ - 58, 40% 1,5 -2,0 л/га; CANSACOR 40 EC- 2,0 л/га (диметоат) кимёвий воситалари билан ишлов бериш мумкин.