Кузги тунлам (Agrotis segetum)

Кузги тунлам (Agrotis segetum) - Rasm 1
Кузги тунлам (Agrotis segetum) - Rasm 2
Кузги тунлам (Agrotis segetum) - Rasm 3

Umumiy ta'rif

Кузги тунлам Agrotis авлоди Noctuidae оиласига мансуб. Кузги тунлам капалагининг қаноти ёзилганда 40 мм га етади. Олдинги қаноти сарғиш-кулранг, орқа қаноти эса оқ тусда, тўқ тусли томирларга эга. Олдинги қанотларининг доғли бўлиши ўзига хос хусусиятидир. Қанотларининг асосига яқин жойда понасимон қорамтир доғи, қанотининг деярли марказида юмалоқ ва ундан бироз юқорироқда буйраксимон доғлари бор. Буйраксимон ва юмалоқ доғлари тўқ тусли чизиқ билан ўралган. Кузги тунлам тухумининг диаметри 0,65 мм, шакли қуббасимон бўлиб, тепасида бўртиқлари бор. Тухумининг сиртида 16дан 20гача қовурғачалари бўлиб, уларнинг бир қисми тухум ичига бориб туташади. Капалак кўпи билан 2000 та, аксари 500-600 та тухум қўяди. У тухумларини ўсимликнинг илдиз ёнидаги қисмларига ва тупроқ бетига (биттадан ёки 2-3 тадан) қўяди. Об-ҳаво шароитига қараб уч-етти кундан кейин тухумлардан майда, тўқ кулранг қуртлар чиқади. Дастлаб қуртлар баргларнинг орқа томонида бўлиб, уларнинг эти билан озиқланади, кейин тупроққа тушади. Қуртлар тунда тупроқ бетига чиқиб, ўсимликларнинг ер устки қисмларини зарарлайди. Қуртлар тупроқнинг нам ва қуруқ қаватларидаги қисмида 30-40 кун яшайди ва шу вақт мобайнида беш марта пўст ташлайди. Олтинчи ёшдаги қурт озиқланиб бўлгач, ғумбакка айланади. Орадан икки-уч ҳафта ўтгач ғумбаклардан янги бўғин капалаклари чиқади ва урчиш доираси яна янгидан такрорланади. Кузги тунлам Марказий Осиё ва Кавказ орти шароитларида мавсум мобайнида 3-4 авлод беради. Суғориладиган ғўзачилик туманларида кенг тарқалган зараркунандалардан биридир. Унинг қуртлари 34 оилага мансуб ўсимликларга зарар етказади. Ғўза, беда, қанд лавлаги, маккажўхори, ғалла, мойли ўсимликлар полиз экинлари, шунингдек, печак, ёввойи тожихўроз, шўра, олабўта, кузги тунламнинг энг хуш кўрган озиғидир.

Agrotexnik qarshi kurashish chorasi

Агротехник кураш чоралари куздан бошланиб, ерни шудгорлаш, қишки яхоб сувини бериш, дала атрофи ва ариқ-зовурлардаги бегона ўт қолдиқларини йўқотишдан иборат. Эрта муддатларда экин экиш ва қатор ораларига сифатли ишлов бериш талаб этилади.

Biologik qarshi kurashish chorasi

Марказий Осиё шароитида кузги тунламнинг кушандалари – йиртқич ва паразитларнинг 50 дан ортиқ тури рўйхатга олинган, аммо браконид, ихневмонид, трихограмматид, тахинид оиласига мансуб ўнтача тур кушанда бу зараркунанда сонини камайтиришда катта аҳамиятга эга. Тарвуз ниҳоллари униб чиққан далага кузги тунламнинг феромон тутқичларини илиш. Aгарда ҳар бир кечада 1та тутқичга 2-3 та ва ундан кўп капалак илинса, шу далага тухумхўр трихограммани (3 марта 1 граммдан ҳар гал 4-5 кун оралатиб).

Kimyoviy qarshi kurashish chorasi

Кузги тунлам қуртлари сони кўчатлар тўлиқ униб чиқиб, экин қалинлиги ҳосил бўлгандан сўнг ўртача 1м² 0,2-0,4 тадан тўғри келса, тавсия этилган (дельтаметрин, эмамектин бензоат + абамектин, эмамектин бензоат + люфенурон ёки тиаметоксам асосли) кимёвий воситаларни қўллаш мақсадга мувофиқ.